Бразилия Федерал олий суди судьяси Александр де Мораес Х ижтимоий тармоғидан фойдаланувчи шахслар ва компанияларга 50 минг реал (тахминан 9 минг доллар) миқдорида жарима солишга қарор қилди.
Суднинг Х ни тўлиқ тўхтатиш тўғрисидаги фармойишига кўра, барча суд қарорлари бажарилмагунча, жарималар тегишли тарзда тўланмагунча ва компаниянинг мамлакатда янги қонуний вакили тайинланмагунча, ижтимоий тармоқ ишламайди.
Август ойи ўрталарида Х ижтимоий тармоғи Бразилиядаги вакилини чақириб олди ва мамлакатдаги вакилининг ҳибсга олинишидан хавфсираётганини айтиб, офисни ёпди. Шунингдек, Х раҳбарияти Бразилия ҳукумати талаби билан айрим фойдаланувчиларнинг аккаунтларини блоклашдан бош тортди.
29 август куни судья де Мораес Федерал Олий суднинг Х саҳифасида Илон Маскни бир сутка ичида Бразилияда янги қонуний вакил тайинлашни талаб қилувчи чақирув қоғозини эълон қилди. Шунингдек, Маскка тегишли Starlink Holding компаниясининг Бразилиядаги ҳисоблари ҳам блокланди. Тадбиркорнинг ўзи бу қарорни ноқонуний деб атади.