Россияда хорижликлар учун кириш қоидалари янгиланади

O‘zbekiston

Жорий йилнинг декабрь ойидан бошлаб Россияда тажриба лойиҳаси доирасида янги қоидалар жорий этилади, унга кўра чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларининг биометрик маълумотларини тақдим этишлари шарт. Янги қоидалар Беларус фуқароларига тегишли бўлмайди.

Фото: Артемий Лебедев студияси

2024 йил 1 декабрдан бошлаб Россияда тажриба лойиҳаси ишга тушади, унга мувофиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар чегарани кесиб ўтишда ўзларининг биометрик маълумотларини тақдим этишлари лозим бўлади. Бу ҳақда Рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Россия Федерацияси ҳукуматининг қарор лойиҳасида айтилган.

Тажриба икки босқичда ўтказилади. Лойиҳа ишга тушган кундан бошланадиган биринчи босқичда Россияга кираётган чет эл фуқаролари махсус жиҳозланган ўтказиш пунктларида бармоқ изларини топширишлари ва суратга тушишлари керак бўлади. Кейинроқ бошланадиган иккинчи босқичда эса Россияга визасиз кирмоқчи бўлган барча хорижликлар махсус илова орқали биометрик маълумотларни олдиндан топширишлари лозим бўлади. Биометрик маълумотлар олдиндан топширилиши кутилмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, ўзгаришлар Россияга кириш визаларини расмийлаштириш тартибига таъсир қилмайди. Россия Федерациясига виза режимида кираётган фуқаролар илгаригидек ҳужжатларнинг тўлиқ тўпламини тақдим этишлари керак бўлади.

ОАВда эълон қилинган маълумотларга кўра, янги қоидалар Беларус фуқаролари, дипломатик ходимлар, олти ёшгача бўлган вояга етмаганлар, халқаро ташкилотлар ва уларнинг Россия Федерациясидаги аккредитация қилинган ваколатхоналари ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига нисбатан қўлланилмайди.

Синов лойиҳаси муваффақиятли якунланса, Россия Федерацияси чегарасини кесиб ўтаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун биометрик маълумотларни топшириш қоидалари доимий амалда бўлади.

Биометрияни мажбурий топширишни жорий этиш хавфсизликни ошириш ва ноқонуний миграцияга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлардан бири ҳисобланади. Илгари Россияда миграция жараёнларини тартибга солиш бўйича турли таклифлар илгари сурилган эди. Жумладан, мамлакатга киришда орқага қайтиш учун пул маблағларининг мажбурий мавжудлиги, мигрантларнинг фарзандларини «Юнармия» сафига киритиш имконияти, шунингдек, судланган чет эл фуқароларининг Россия Федерациясига киришини тақиқлаш каби таклифлар айтилган эди.

Mavzuga oid materiallar