Парижда Паралимпия ўйинлари давом этмоқда. Бир тунда ўзбек параспортчилари учта медаль қўлга киритди.
Пара-таэквондочи Асадбек Тоштемиров Паралимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди. Тоштемиров -88 кг (К44 тоифаси) вазн тоифасида беллашиб, ҳал қилувчи жангда мексикалик Луис Наҳерани енгиб, олий даражадаги медалга сазовор бўлди.
Пара-таэквондочи Гулжоной Наимова (+65 кг) Паралимпия ўйинларида иккинчи медалини қўлга киритди. К44 тоифаси финалида Наимова жароҳати сабабли Эми Трюсдейл (Буюк Британия) га қарши жангини якунлай олмади ва рақибига ютқазиб, кумуш медаль билан тақдирланди.
Шунингдек, найза улоқтириш бўйича (F57 тоифаси) мусобақалашган пара-атлет Ёрқинбек Одилов Ўзбекистон жамоасига яна бир олтин медални келтирди. Токио-2020 ўйинларида 4-ўринни эгаллаган Одилов, бу галгидаги Паралимпиадада 50,32 метр натижа кўрсатиб, ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасига кўтарилди.