2024 йил 31 августдан 1 сентябрга ўтар кечаси Венгрия пойтахти Будапештдаги Балиқчилар қалъаси Ўзбекистон байроғи ранглари билан безатилди.
Тадбир Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси томонидан OTP Bank кўмагида ташкил этилди. У Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланди.
Балиқчилар қалъаси Будапештнинг асосий диққатга сазовор жойларидан биридир. Будай тепалигининг тарихий ҳудудида жойлашган ушбу иншоот ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бу меъморий дурдонанинг гўзаллиги ва улуғворлигини томоша қилиш учун ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳлар ташриф буюради.
Балиқчилар қалъасининг Ўзбекистон байроғи ранглари билан ёритилиши икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкамланиб бораётган дўстлик алоқаларининг рамзи бўлди. Ушбу ишора Ўзбекистон халқи учун давлат мустақиллигини нишонлашнинг аҳамияти ва муҳимлигини таъкидлайди.