Эрондаги суд 31 августда блогер Ҳусайн Шанбеҳзодани 12 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар бермоқда унинг адвокати Амир Раисиянга ҳавола қилиб Iran International.
Шанбеҳзода Эрон режимининг танқидчиси сифатида танилган. Блогер июнь ойида ҳибсга олинган эди. У Эрон раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг Х ижтимоий тармоғидаги постига жавобан битта нуқта жойлаштирган, бу эса кўпроқ лайк тўплаган.
Адвокатнинг айтишича, Шанбеҳзодага бир вақтнинг ўзида бир нечта модда бўйича айблов қўйилган. У «Исроилга оид тарғибот» учун 5 йил, «исломий сайтларни ҳақорат қилиш» учун 4 йил, «ижтимоий тармоқларда ёлғон тарқатиш» учун 2 йил ва «давлатга қарши тарғибот» учун бир йилга ҳукм қилинган.
Адвокат таъкидлашича, суд органлари судланувчининг «Исроилга оид тарғибот» олиб боргани ҳақида ҳеч қандай далил тақдим этмаган. Унинг сўзларига кўра, айблов унинг «шахсий ёзишмалари» асосида қўйилган.
Бошқа айбловларга келсак, Раисиян суднинг далил сифатида унинг бошқа сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлагани, мамлакатдаги вазиятни салбий тасвирлагани, «Қатл йўқ» ҳештегини ишлатгани, мажбурий ҳижоб кийишни бекор қилишни қўллаб-қувватлагани, Эрондаги сайловларни танқид қилгани ва мамлакатнинг собиқ президенти Иброҳим Раисийнинг вафотидан хурсандлигини билдирганига ишора қилганини айтди.
Кейинроқ нашр блогерни Исроил фойдасига жосусликда ҳам айблашгани ҳақида хабар берди. Суд ҳужжатларида Шанбеҳзода «Моссаднинг қочоқ агенти» деб таърифланган.