2 сентябрь куни Тошкентда Ислом Каримов хотирасига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирда ҳукумат вакиллари ва маҳаллий аҳоли иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу ерга ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Ислом Каримов мамлакатимиз мустақиллигини эълон қилган ва уни тараққиёт йўлига олиб чиққан етакчидир. Давлат раҳбари Мустақиллик байрамидаги нутқида бунинг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлади:
«Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик».
Шундай қутлуғ кунда давлат мустақиллиги учун курашган ва унга хизматлари сингган ватанпарвар инсонлар хотирасини миннатдорлик билан ёдга олишимиз табиийдир. Биринчи Президент тарихнинг туб бурилиш палласида, оғир даврда мамлакатимизга раҳбарлик қилган эди.
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Қуръон тиловат қилинди. Биринчи Президентнинг юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, аҳоли турмушини яхшилаш борасидаги хизматлари ёдга олинди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, жамоатчилик вакиллари ҳам Биринчи Президентимиз ҳайкалига гуллар қўйди.
Хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.