Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов вафот этди. У 84 ёшда эди.
Бобомурод Ҳамдамов 1940 йилда Туркманистон ССРнинг Чоржўй шаҳрида таваллуд топган. У Ўзбекистон Республикаси, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. Ўзбек санъатининг устози ва педагогларидан бири, «Дўстлик» ордени соҳиби эди.
Бобомурод Ҳамдамов ўзбек, туркман, тожик ва ҳинд тилларида халқ қўшиқларини ижро этган. У ўрта мактабни тугатгач, кранчиларнинг қисқа курсини ўқиб, қурилишда ишлаган. Бироқ қўшиққа бўлган муҳаббати устун келиб, Тошҳовуздаги Комилжон Отаниёзов ансамблида фаолият юрита бошлаган.
Бобомурод Ҳамдамов ўзбек миллий қўшиқчилик санъати ривожига улкан ҳисса қўшиб, бир қатор ўлмас асарлар яратган ва мухлислар эътирофига сазовор бўлган. Хусусан, унинг «Султон Жалолиддин», «Ким экан», «Девона», «Келдиму», «Қўрқдим» каби қўшиқлари Ўзбекистон қўшиқчилик санъатининг ҳақиқий дурдоналарига айланган.
Бобомурод Ҳамдамов буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг муносиб издоши эди. Унинг қўшиқ ва асарлари ўзбек санъатининг «олтин хазинаси»га киритилган.