Саудия Арабистонидаги кучли жала Мадина шаҳрида кенг кўламли сув тошқинига сабаб бўлиб, кўчаларда тартибсизлик юзага келди. Dunyo агентлигининг хабар беришича, лойқа сув оқими кўчаларни босиб, йўлидаги автомобилларни оқизиб кетди.
Саудия Арабистони миллий метеорология маркази мамлакат ғарби ва жануби-ғарбида кучли ёғингарчилик туфайли хавфнинг қизил даражасини эълон қилди. Ёмғир туфайли Макка шаҳри сув остида қолди. Саудия Арабистони ҳукумати маҳаллий масжидлардаги ёғингарчилик оқибатларини бартараф этиш учун ишчиларни сафарбар қилганини маълум қилди.
Шу муносабат билан Фуқаро муҳофазаси бош бошқармаси мамлакатнинг барча фуқаролари ва меҳмонларини эҳтиёткор бўлишга, шунингдек, долзарб маълумотларни диққат билан кузатиб боришга қатъий чақирди.
Макка ва Мадинада хавфли об-ҳаво шароити сентябрь ойининг биринчи ўн кунлиги давомида сақланиб қолиши мумкин.
Аввалроқ, Судан шарқида кучли ёмғирлар туфайли сув оқими тўғонни вайрон қилганди. Натижада камида 20 та қишлоқ сув остида қолиб, 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлганди.