Қирғизистонлик депутат Украина билан урушда Россияни қўллаб-қувватлашни таклиф қилди

Dunyo

Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Исъҳоқ Масалиев 4 сентябрь куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида республика Украина билан урушда Россияга ёрдам бериши кераклигини айтди. Масалиев Россия Федерациясида Қирғизистоннинг бир миллионга яқин фуқароси ишлашини таъкидлаб, мамлакатлар КХШТ бўйича иттифоқчи эканини қўшимча қилди. Парламент спикери Нурланбек Шакиев депутатнинг таклифини изоҳсиз қолдирди.

Исъҳоқ Масалиев

Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Исъҳоқ Масалиев Россия ва Украина можаросига нисбатан мамлакатнинг позициясини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда у 4 сентябрь куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида маълум қилди.

«Икки йилдан бери жанговар ҳаракатлар давом этмоқда... Илгари бу иттифоқчимиз — Россиянинг ички иши эди, биз бетараф позицияда турардик... Аммо ҳозир... вилоятларда (Россия) бомбалар, ракеталар тушмоқда. У ерда бир миллионга яқин ватандошимиз ишлайди, мен улар учун қайғураман. Қолаверса, биз Россиянинг КХШТ бўйича иттифоқчисимиз. Ўйлайманки, масалани чуқур ўрганиб, қандай қўллаб-қувватлашимиз ҳақида ўйлашимиз керак», — деди Масалиев.

Шунингдек, у Қирғизистон Миллий банкининг Россия банклари билан ҳамкорлик қилмаслик бўйича тавсияларидан норозилигини билдирди.

«Демак, биз Россияга қарши чоралар кўришимиз керак эканда? Бизнинг соҳавий қўмитамиз бу масалани Давлат Думаси билан биргаликда ишлаб чиқиши керак. Қандай ёрдам бериш мумкинлигини ўйлаб кўриш керак», — деди у.

Парламент спикери Нурланбек Шакиев Масалиевга савол учун миннатдорчилик билдирди, аммо изоҳ бермади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Қирғизистон Жогорку Кенеши спикери депутатларни қирғиз тилида гапириш ва исмларни айтишга чақирганди, чунки кўплаб сўзлар «араблашган ва руслашган.» Шакиевнинг таъкидлашича, ҳудудларда ҳам эндигина тили чиққан болалар рус тилида гаплашади.

Mavzuga oid materiallar