Шавкат Мирзиёев 20 август куни Нукусда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказган эди. Ўшанда у бир қатор солиқ имтиёзлари ва ҚҚСга оид ислоҳотларни эълон қилди. 3 сентябрь куни Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилингани ҳақида хабар берди.
Унга кўра, 1 январдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисми кешбэк сифатида қайтарилади. Бунда ойлик айланмасининг 60 фоизи нақд пульсиз бўлган корхоналарга тўланган ҚҚСнинг 40 фоизи қайтарилади. Агар нақд пульсиз айланма 60% дан кам бўлса, кешбек 20% бўлади. 1 декабрдан бошлаб эса нақд пулга харид қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда умумий овқатланиш корхоналаридан ҳеч қандай ҳужжатлар талаб этилмайди. Таъкидлаш жоизки, ресторан ва кафелар ҳам ходимларни қисқа муддатли, соддалаштирилган меҳнат шартномалари асосида ёллаши мумкин.
Президент, шунингдек, тадбиркор томонидан аукционда ер сотиб олинганда ҚҚС ҳисобланмаслигини маълум қилган. Бундан ташқари, қурилиш учун ер ажратилганда ер солиғи бўйича 50 фоиз миқдорида (вилоят марказларидан ташқари) имтиёз берилади.
Бундан ташқари, агар шартнома муддати бузилмаса, асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмларни олиб киришда бундан буён қарздорлик юзага келмайди. (Ҳозирда шартнома муддатидан қатъи назар, сотиб олинган ускуналар 180 кун ичида етиб келмаса, муддати ўтган дебитор қарздорлик юзага келади).
Қайд этилишича, божхона органининг экспортни тасдиқловчи электрон маълумотлари бошқа ҳужжатларни талаб қилмасдан ҚҚСни қайтариш учун асос бўлади. Шунингдек, ЭҲФ ва ТТҲ ягона шаклга келтирилади, унда фақат 4 турдаги маълумотларни киритиш етарли бўлади.
Фармон меҳмонхона ва туризм соҳасига ҳам таъсир кўрсатди. 1 октябрдан бошлаб меҳмонхоналар ва туроператорларга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи қайтарилади.