Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти «Ўзбекистоннинг қурғоқчиликдан зарар кўрган экотизимларидаги яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига дастлабки грант маблағларини ажратган эди.
Лойиҳани самарали амалга ошириш ва лойиҳа ҳудудларига мунтазам хизмат сафарларини уюштириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тахминан 600 миллион сўмга Kia Carnival Prestige автомобилини сотиб олди. Бу ҳақда «Ревизор» Telegram канали хабар берди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 5-6 сентябрь кунлари БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бош директори Цюй Дунъюянинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.
«Европа Иттифоқи томонидан тақдим этилаётган ва БМТТДнинг Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда инновацион ташаббуслар учун амалга ошираётган молиявий кўмаги уларнинг қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, иқлим ўзгаришига бардошлилик ва экологик барқарор келажакка содиқлигини кўрсатади», — деб ҳисоблашмоқда БМТда.
Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 нафар шахсга нисбатан жиноят иши юзасидан очиқ суд жараёни бошланади. Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, суд мажлиси 5 сентябрга белгиланган.
Айблов хулосасига кўра, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланади:
167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
168 (Фирибгарлик);
184 (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш);
185-2 (Электр, иссиқлик энергияси, газ, сув таъминотидан фойдаланиш қоидаларини бузиш);
189 (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш);
205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш);
209 (Мансаб сохтакорлиги);
211 (Пора бериш);
228 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);
243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш).
29 нафар судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, 15 нафари гаровга қўйиб юборилган, 6 нафари эса муносиб хулқ-атвор тўғрисида тилхат берган ҳолда қўйиб юборилган.