Мирзиёев: ёшлар ва меҳнат мигрантлари «онлайн манқуртлаштириш» қурбонига айланмоқда

O‘zbekiston

Айни пайтда Ўзбекистонда Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш давом эттирилмоқда, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва салоҳиятини юзага чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, «қайноқ нуқталардан» қайтган шахсларни тинч-осойишта ҳаётга мослаштириш чоралари кўрилмоқда.

Ёшлар ва меҳнат мигрантлари «онлайн манқуртлаштириш» қурбонига айланмоқда, турли ноқонуний гуруҳларга жалб этилмоқда ва жиноят содир этмоқда, деди Шавкат Мирзиёев Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича халқаро анжуманда.

«Эртага мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган «Шарқ – Аксилтеррор – 2024» қўшма аксилтеррор машғулотлари ҳам хавфсизликка нисбатан умумий таҳдидларга қарши курашишда ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва махсус кучлар бўлинмаларининг салоҳиятини оширишга хизмат қилади», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Шу боис қонунчилик базасини янада такомиллаштириш ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ва МДҲ Аксилтеррор маркази фаолияти доирасида бундай хавф-хатар ва таҳдидларни бартараф этиш ва уларга тезкорлик билан жавоб қайтариш бўйича халқаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма амалий чора-тадбирларни ўтказиш энг муҳим вазифалар ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича миллий стратегияси кенг қамровли, инклюзив ва тизимли ёндашувга асосланган бўлиб, профилактик ва превентив чораларни қўллаш ҳамда вақтида амалий жавоб қайтаришни ўзида мужассам этади. Жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ва очиқ мулоқотни ривожлантириш, таълим-тарбия соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини яратиш ва аҳолининг ишончли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бу борадаги устувор йўналишлар ҳисобланади.

«Бугунги кунда Ўзбекистонда Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича миллий стратегия изчил амалга оширилмоқда, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, «қайноқ нуқталар»дан қайтариб олиб келинган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», — деди Мирзиёев.

Жорий йилда БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси билан ҳамкорликда Реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича минтақавий экспертлар кенгаши ташкил этилди, тўлиқ миқёсдаги шерикликнинг янги «йўл харитаси» қабул қилинди.

Mavzuga oid materiallar