Президент Ўзбекистонда 2024-2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Ҳужжатда давлат-хусусий шериклик асосида иккита пулли йўл қурилиши ҳақида сўз боради.
Тошкент–Самарқанд пулли автомобиль йўли қурилиши 2024 йилда, Тошкент–Андижон йўли 2026 йилда бошланади. Ушбу лойиҳалар шаҳарлар ўртасида тезкор ва қулай алоқа учун қўшимча шароитлар яратиши кутилмоқда.
Шунингдек, қарор билан камида 1 000 км замонавий пулли магистраль автомобиль йўлларини қуриш ва модернизация қилиш тасдиқланди.
Бундан ташқари, электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини 2027 йил 1 июлгача ва табиий газни тақсимлаш тармоқларини 2027 йил якунига қадар хусусий операторларга бериш ва йиллик энергия йўқотишларини камида икки баравар қисқартириш режалаштирилган.
Ҳар йили қўшимча 30 фоизгача электр энергиясини тежаш мақсадида 2028 йилгача барча маънан эскирган ирригация насос станцияларини модернизация қилиш бўйича келишувларга эришиш режалаштирилган.
2028 йил якунига қадар ҳар бир вилоятда сув таъминоти ва канализация тармоқларини модернизация қилиш ва бошқариш учун аҳолини тоза ва узлуксиз ичимлик суви билан қамраб олишни 87% гача, марказлаштирилган канализация таъминотини 30% гача таъминлашни ҳисобга олган ҳолда хусусий компанияларни жалб қилишмоқчи. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 та мактаб ва 100 та боғча ДХШ асосида қурилади.
Барча лойиҳалар учун давлат муассасаси шаклидаги «Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси ташкил этилади. У мунтазам равишда ДХШ соҳасидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этади, уларни чет элда амалиётга юборади, шунингдек, халқаро сертификатларни олишни ташкил этади.