Пенсия жамғармаси келгусида пенсияга чиқишда иш стажини ҳисоблашда муаммо бўлмаслиги учун нималар қилиш кераклиги ҳақида пост билан ўртоқлашди.
Бугунги кунда пенсия ёшига етган фуқаролар пенсия сўраб мурожаат қилганда баъзан меҳнат стажининг етарли эмаслиги муаммосига дуч келмоқда.
Бу нима билан боғлиқ?
Эндиликда Пенсия жамғармаси пенсияга чиқаётган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан электрон тарзда олади. Агар фуқаронинг иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилган бўлса, унда иш стажи етарли эмаслиги билан боғлиқ вазият юзага келмайди.
Бироқ агар фуқаро ишлаган ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига ходим тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия тайинлаш учун зарур бўлган маълумотларни (иш стажи, иш ҳақи ва шу кабилар) киритмаса, пенсияга чиқиш вақти келганда бу маълумотлар акс эттирилмаслиги мумкин.
Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун Пенсия жамғармаси қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошираётган барча фуқароларга ўз фаолияти тўғрисидаги барча маълумотларни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат мажмуасига рақамлаштиришни маслаҳат беради. Иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларга эътибор беринг.
«Агар ишламайдиган фуқароларнинг маълумотлари уларнинг меҳнат дафтарчаларида акс эттирилмаган бўлса, улар меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни »ЯММТ« ИДАКга киритиш учун бандликка кўмаклашиш ва камбағалликни қисқартириш бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин», — дея аниқлик киритди жамғарма.
Ушбу хизмат бепул тақдим этилади.