Ўзбекистонлик талабгорларнинг 31 фоизи ишга жойлашиш бўйича фойдали таклифни олгач, чет элга кетишга тайёр. Бу ҳақда HeadHunter иш қидириш платформасининг маълумотлари гувоҳлик беради.
Йил давомида бу кўрсаткич 18 фоизга ошди. Кўчиб ўтишнинг асосий сабаблари — иқтисодий омиллар.
2024 йилнинг дастлабки олти ойида 64 минг нафар ўзбекистонлик хорижий давлатларда қонуний ва хавфсиз иш билан таъминланди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баравар кўпдир.
2023 йилда 17 336 киши хорижга доимий яшаш учун кетган.
2022 йилда жами 27 мингдан ортиқ фуқаро Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Сербия, Буюк Британия, Туркия, Германия, Япония ва бошқа давлатларга ишга юборилган.
Хорижий тилларни ўрганувчилар сони 10 минг нафарга етди, бу ўтган йилга нисбатан 5 баробар кўпдир.
Мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасидаги ишсизлик даражаси 2020 йилдаги 10,5 фоиздан 2024 йил бошида 6,8 фоизгача пасайди. Камбағаллик даражаси ҳам камайди - 2021 йилдаги 17 фоиздан 2024 йил бошида 11 фоизгача.