Шимолий Кореяда сув тошқинларининг олдини ололмаган 30 га яқин амалдор қатл этилди

Dunyo

Шимолий Корея ҳукумати сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлардан 20 дан 30 гача амалдорни қатл қилди. Қатл сабаби табиий офат туфайли етказилган зарарнинг олдини ололмаслик бўлган.

Август ойида КХДР мамлакатнинг сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудида 20 дан 30 гача амалдорни қатл қилди. Бу ҳақда TV Chosun телеканали хабар берди.

Телеканал маълумотларига кўра, қатл этилганлар орасида вилоят партия ташкилотлари котиблари даражасидаги бир неча амалдорлар ҳам бор эди. Бу лавозим Жанубий Кореядаги вилоят губернатори лавозимига мос келади.

Кучли ёмғирлар туфайли юзага келган сув тошқинлари июль ойи охирида КХДРга тушди. Мамлакатнинг шимоли-ғарбий вилоятлари кўпроқ зарар кўрди. У ерда Ялуцзян дарёси қирғоқларидан тошиб чиқди.

15 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинди, 4 мингдан ортиқ уйлар шикастланган, йўллар ва темир йўллар вайрон бўлган, 3 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари сув остида қолган.

Корея Республикаси Бирлашма вазирлиги КХДР катта зарар кўрганини таъкидлади.

КХДР раҳбари воқеа жойида қутқарув ишларига шахсан раҳбарлик қилган. Унинг буйруғига кўра, сув тошқинларидан сўнг дарҳол мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларининг ўндан ортиқ вертолётлари сафарбар қилинди ва улар жабрланган вилоят аҳолисини эвакуация қилиш билан шуғулланди.

Ким Чен Ин партия ва давлат зиммасидаги масъулиятли хизмат бурчини бажаришда бепарволик қилган, ҳатто йўл қўйиб бўлмайдиган даражада одам йўқотишга олиб келганларни қаттиқ жазолашни буюрди.

Mavzuga oid materiallar