Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Қўшработ тумани ҳокими Дилшод Шакарбоев қўл остидаги ходимларини ҳақоратлагани акс этган аудиоёзув тарқалганди. Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Воқеа туман раҳбарининг қурилиш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосарларини ҳақорат қилган йиғилишида содир бўлган.
Ёзувда ҳоким бир маҳалла 400 млн сўмга «тўлиқ қуриб битказилгани,» буни Маҳаллалар уюшмаси тасдиқлагани айтилиб, қурилиш масалалари бўйича ўринбосар Иноят Холиқуловни «ҳеч нарсадан хабари йўқ»ликда айблади.
«Эй, номуссиз итвачча, эрталаб ҳаммани ўша ёғга олиб бор... Улар фақат мен айтган одамнигина топишди. Лоақал битта қурувчини ўзинг топасан, эй, ноинсоф. Ахир сен қурилиш бўйича ўринбосарсанку,» — дейди ҳоким.
Ҳоким камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосарини «эшак» деб атаб, уятсиз сўзлар билан ҳақоратлаган.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг фармойиши билан Дилшод Шакарбоевга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилди.