Шанба куни Вьетнам шимолига бу йилги Осиёдаги энг кучли довул ҳисобланган «Яги» тўфони ёпирилди. Бу ҳақда мамлакат метеорология агентлиги хабар берди.
Аввалроқ «Яги» Хитойнинг жанубий Хайнань оролидан ўтган. Хитой Марказий телевидениеси маълумотига кўра, табиий офат уч кишининг ҳаётига зомин бўлган, 95 киши турли жароҳатлар олган.
ХХР Раиси Си Цзиньпин ушбу офат оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш зарурлиги тўғрисида кўрсатма берди. У транспорт, энергетика ва коммуникация тизимларини тиклаш, шунингдек, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратиб, тезкорлик билан тиклаш ишларига чақирди.
«Яги» 2024 йилда дунёдаги иккинчи энг кучли тропик циклон ҳисобланади. У ҳафтанинг бошида архипелаг шарқида шаклланган Филиппинда камида 16 кишининг ҳаётига зомин бўлган.
Довул Шимолий Вьетнамнинг орол ҳудудларига келиб урилганда, унинг эпицентри яқинида 160 км/соат тезликда шамол тўлқини пайдо бўлди.
Вьетнамнинг қирғоқ бўйидаги Хайфон шаҳри 2 миллион аҳолига эга саноат маркази бўлиб, у ерда хорижий трансмиллий корпорациялар ва маҳаллий VinFast автомобиль ишлаб чиқарувчиси заводлари жойлашган. Шаҳар шамолдан энг кўп зарар кўрганлардан бири бўлди.
Расмийларнинг маълум қилишича, шаҳарнинг айрим қисмларида электр таъминотида узилишлар кузатилган.
Вьетнам ҳукумати қирғоқ бўйидаги шаҳарлардан 50 мингга яқин кишини эвакуация қилди ва 450 минг ҳарбий хизматчини жойлаштирди.
Шанба куни, шунингдек, тўртта аэропорт, жумладан, мамлакат шимолида энг тиғиз бўлган Ханой Ной Бай аэропорти ҳам бир неча соатга тўхтатилди. 300 дан ортиқ рейслар бекор қилинди.
12 та шимолий вилоятда, жумладан, пойтахт Ханойда ўрта мактаблар ёпилди.
Олимларнинг огоҳлантиришича, иқлим ўзгариши ва илиқроқ океанлар туфайли тайфунлар кучаяди. Ўтган ҳафта Япониянинг жануби-ғарбида содир бўлган «Шаньшань» тўфони сўнгги ўн йилликлардаги энг кучли довул бўлди.