9-13 сентябрь кунлари «Юксалиш» ҳаракати минтақавий қон қуйиш марказлари билан биргаликда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида донорлик қонини топшириш бўйича акция ўтказади.
Мақсад — мураккаб операциялар, оғир жароҳатлар ёки онкологик касалликлардан кейин қон қуйишга муҳтож бўлган беморларни қўллаб-қувватлаш. Бундай тадбирларни мунтазам ўтказиш шифохоналар ва тиббиёт марказларида етарли қон захирасини сақлашга ёрдам беради, бу айниқса шошилинч вазиятлар ва режали операциялар учун муҳимдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, аҳолининг қон таркибий қисмларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун донациялар сони ҳар 1000 аҳолига камида 10 тани ёки умумий аҳолининг 1 фоизини ташкил этиши керак.
Республика қон қуйиш марказининг маълум қилишича, Ўзбекистонда 2023 йилда бу кўрсаткич ҳар 1000 аҳолига 7,8 донацияга етган. Бу эса 0,78 фоизни ташкил этади. «Рақамлар мамлакатда донорлик даражаси етарли эмаслигини кўрсатмоқда», — дея таъкидлади «Юксалиш.»
Акцияда 18 ёшдан ошган, тиббий қарши кўрсатмаларга эга бўлмаган барча хоҳловчилар иштирок этиши мумкин.
Тошкент шаҳри, Навоий ва Хоразм вилоятлари аҳолиси биринчи бўлиб қон топшириши мумкин. Барча ҳудудлардаги қон топшириш жойларининг манзиллари ва телефонлари ҳавола орқали мавжуд.