Спорт функционери Отабек Умаров Осиё Олимпия Кенгашининг (ООК) Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ню-Деҳлида ООКнинг 44-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда, унинг доирасида ташкилотнинг раҳбарлик лавозимларига сайловлар ўтказилди. ООК президенти лавозимига ташкилотга вақтинча раҳбарлик қилган Ража Рандҳир Сингҳ сайланди. Шунингдек, 5 та ҳудуд бўйича вице-президентлар сайланди.
«Таъкидлаш жоизки, Отабек Умаров Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Афғонистонни ўз ичига олган Ташкилотнинг Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланди», — дейилади қўмита хабарида.
Бунгача Умаров Тошкент-2025 ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича вице-президент вазифасини бажариб келаётганди. Таъкидланишича, ушбу лавозим вақтинчалик бўлиб, комплекс стартлар якунига қадар амал қилган бўлсада, унинг янги лавозими доимий хусусиятга эга.
Тадбирда сўзга чиққан Отабек Умаров қитъамиз спорти дунёда тобора кўпроқ эътироф этилаётганини, бунинг исботи сифатида спортчиларнинг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этаётгани, унда тўртта Осиё мамлакати кучли 15 таликка кирганини таъкидлади