Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2024 йилдан 2026 йилгача давлат хизматчиларининг иш ҳақини оширишни тақиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат «Эркин Тоо» ҳукумат газетасида эълон қилинди.
Ушбу қарор республика буджети харажатларини оптималлаштириш мақсадида қабул қилинди. Фармонга кўра, иш ҳақини оширишга мораторий давлат идоралари, қўмиталар ходимлари, президентнинг ҳудудлардаги ваколатли вакиллари ва маҳаллий ҳокимият амалдорларига татбиқ этилади.
Бундан ташқари, 2026 йилгача мамлакатда давлат органлари штатларини кенгайтиришга тақиқ амал қилади. Бироқ, алоҳида ҳолларда чекловлар олиб ташланиши мумкин, аммо бирон-бир идора ходимларининг сонини ўзгартириш ва мансабдор шахсларнинг маошларини ошириш фақат республика раҳбарининг махсус қарори асосида амалга оширилади.
5 сентябрь куни Жапаров ўз вазифаларини жамоатчилик асосида бажарган барча ёрдамчи ва маслаҳатчиларни озод қилиш тўғрисида ҳужжат чиқарди. Қайд этилганидек, мазкур қарор Президент Администрациясини ислоҳ қилиш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш доирасида қабул қилинган.
Маълумки, 2022 йил август ойидан бошлаб қирғизистонлик амалдорларнинг маошлари расман оширилди. Хусусан, вазирлик бўлим мудирлари 68 минг сом (800 доллар), идораларнинг етакчи мутахассислари эса 49 минг сом (580 доллар) дан ортиқ маош ола бошладилар. Бу рақамлар мамлакат бўйича жорий йилнинг биринчи чорагида қайд этилган ўртача иш ҳақидан юқори бўлиб, қарийб 34 минг сўмни (400 доллар) ташкил этади.