Австралия ҳукумати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун ёш чекловларини ўрнатиб, болалар ва ўсмирларнинг уларга киришини тақиқламоқчи. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Энтони Альбанезе маълум қилди.
Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, 2024 йил охиригача қабул қилиниши режалаштирилган янги қонун «болаларни онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилишни таъминлайди ва интернетнинг ёшларга етказадиган зарарини камайтиришга кўмаклашади».
«Ижтимоий тармоқлар жамиятга зарар етказишини, болаларни ҳақиқий дўстлардан маҳрум қилишини ва уларга ҳаётий тажриба орттириш имконини бермаслигини биламиз», — дея таъкидлади Альбанезе бош вазир идораси тарқатган баёнотда.
ABC радиостанцияси эфирида бўлажак ўзгаришларга изоҳ берар экан, Австралия Бош вазири ҳукумат «болаларнинг ижтимоий тармоқлардаги зарарли контентга кириш имкониятига эга бўлган вазиятни бартараф этишни мақсад қилганини» таъкидлади.
«Биз болаларнинг ўз қурилмаларидан узилиб, футбол майдонларига, волейбол майдончаларига, сузиш ҳавзаларига чиқишини истаймиз. Улар ҳақиқий одамлар билан мулоқот қилишнинг чинакам тажрибасига эга бўлишлари керак», — дея хулоса қилди у.
Альбанезе, шунингдек, технологик платформалар ва ижтимоий тармоқ маъмурларининг эълон қилинаётган контент ва ундан фойдаланишни ташкил этиш бўйича жавобгарлигини ҳам таъкидлаб ўтди.
«Ижтимоий тармоқлар ўзларини бу ишга алоқаси йўқдек тутмасликлари керак ва <...> биз, албатта, уларга қарши чиқишга ва жамият олдида жавобгар бўлишга мажбур қилишга тайёрмиз», — деди у.