CNN беш хил бўлинмадан 14 нафар украиналик ҳарбий билан суҳбатлашди. Улар орасида Курск вилоятига ҳужумда қатнашган пиёда аскарлар, дронлар отряди жангчилари, зирҳли техника ҳайдовчилари ва сапёрлар бор эди.
Юқорида айтиб ўтилганларнинг тўрт нафари яраланган ва Украина ҳудудидаги касалхоналарга юборилган. Қолган ўн нафари Курск вилоятида қолишда давом этмоқда.
CNNнинг барча суҳбатдошлари Курск вилоятидаги УҚК ҳужумини фронтнинг бошқа қисмларидаги йўқотишларга таққосланадиган катта миқдордаги йўқотишлар билан кечадиган мураккаб операция деб аташмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, беш ҳафта ўтгач, вазият тобора мураккаблашиб бормоқда.
«Россия кўп қўшин ва артиллерия жўнатмоқда. Бизда кўплаб ҳалок бўлган йигитлар ва кўп вайрон бўлган техника бор», — дейди ҳарбийлардан бири.
Фин тахаллусли аскар айтишича, унинг тўрт кишидан иборат жамоаси Курск вилоятига кирган биринчи бўлинмалардан бири бўлган. Уларга рус истеҳкомларини миналардан тозалаш ва бузиш топширилган. Унинг сўзларига кўра, бу истеҳкомлар жуда яхши қурилган бўлиб, «аждар тишлари» деб номланган танкка қарши мудофаа иншоотларини ўз ичига олган ва уларнинг остига миналар ўрнатилган.
Шунингдек, украиналик ҳарбий операция давомида УҚК томонидан кўплаб қурбонлар бўлганини айтади. Журналистлар билан суҳбатда у ўз этикини кўрсатиб, улардан «кўплаб ДНК намуналарини» олиш мумкинлигини айтади ва «афсуски, украиналик» деб аниқлик киритади.
Ҳарбийлар учун яна бир муаммо УҚК фронтнинг бошқа қисмларида алоқа учун фойдаланадиган Старлинк сунъий йўлдош интернети ишламайдиган нотаниш ҳудуд бўлди. Ҳарбийлардан бири айтишича, Часов Яр районидан Курск вилоятига юборилган унинг экипажи адашиб қолган. Яна бир неча аскар тармоқ йўқлиги сабабли бир неча соат давомида ўз бўлинмалари командирлари билан боғлана олмаганини айтмоқда.
Украина расмийларининг таъкидлашича, Москва Курск вилоятига 30 мингга яқин ҳарбий хизматчини юборган. Икки украиналик зобитнинг сўзларига кўра, булар орасида Ғарбий Африкадан олиб келинган Вагнер ХҲК жангчилари ҳам бор. Баталонлардан бирининг командири ҳам Курск вилоятида Вагнер ХҲК байроқлари ва белгилари кўринганини айтди. Унинг сўзларини бошқа аскарлар ҳам тасдиқлайди. Украиналик ҳарбийларнинг айтишича, «вагнерчилар» рус ҳарбийларидан фарқ қилади, чунки улар анча яхши жиҳозланган ва яхши ўқитилган.
6 августда бошланган УҚКнинг Курск вилоятига ҳужумидан кўп ўтмай, Россия «ҳарбий мухбирлари»нинг телеграм-каналларида ушбу ҳудудга Малидан «вагнерчилар» жўнатилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади.
Кейинроқ Россия Мудофаа вазирлигига яқин бўлган «Рйбар» телеграм канали бу хабарларни дезинформация деб атади.
26 август куни ХҲК билан боғлиқ «Вагнер юкини тушириш» телеграм каналида пост пайдо бўлди. Унда айтилишича, жангчилар ҳозирда фақат «Қора қитъада» ва Беларусда ишлайдилар ҳамда «махсус ҳарбий операция»да иштирок этмайдилар.
CНН билан суҳбатлашган деярли барча ҳарбийлар Курск вилоятидаги операция туфайли қўшинларда катта «маънавий кўтаринкилик» ҳақида гапиришмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Россияга «ўз дориси»ни татиб кўришга имкон бериш сарфланган ҳаракатларга арзийди.
«Жин урсин, ҳа!» — дейди УҚКнинг «Совуқ» тахаллусли аскари, «Танкларимизнинг Россия позицияларини ўққа тутишини кўрганимда шундай ҳис пайдо бўлди. Улар таслим бўлишди, биз кўплаб асирларни қўлга олдик».