«Борис» бўрони туфайли юзага келган кучли ёмғирлар Марказий Европада сўнгги йигирма йил ичида энг кучли сув тошқинига олиб келди, деб хабар берди Reuters.
Ўтган дам олиш кунлари Чехия ва Польша ўртасидаги чегара ҳудудлари кўпроқ зарар кўрди. Сув минглаб уйларни сув босди, баъзи жойларда кўприкларни ювиб кетди.
Австрия, Польша, Чехия ва Руминиядаги ҳодиса оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлган. Энг кўп қурбонлар Руминияда, у ерда олти киши ҳалок бўлган.
Қуйи Австрия ҳукумати минтақанинг бутун ҳудудини «офат зонаси» деб эълон қилди, 1000 дан ортиқ уйлар эвакуация қилинди. Австрия пойтахти Вена шаҳрида жамоат транспорти фаолиятида узилишлар кузатилмоқда.
Чехиянинг Прага шаҳридан 230 км узоқликда жойлашган Литовел шаҳри тахминан 70% сув остида қолди. Праганинг қоқ марказида тошқинга қарши иншоотлар ўрнатилди. Мамлакат бўйлаб жами 12 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди.
Шунингдек, Полшада табиий офат режими жорий этилди. «Ваколатли вазирлар ва хизматлар билан маслаҳатлашувлардан сўнг, мен Вазирлар Кенгашининг табиий офат режимини жорий этиш тўғрисидаги фармойишини тайёрлашни топширдим», — деди мамлакат бош вазири Дональд Туск.
Венгрия ва Словакия расмийлари яқин кунларда Дунай дарёсининг сув сатҳи рекорд даражага яқинлашишини кутмоқда. Венгрия Ички ишлар вазири Шандор Пинтернинг айтишича, 12 минг аскар сув тошқинига тайёр ҳолатда.