Ўзбекистон 2024 йил учун БМТнинг E-Government Survey ҳисоботига кўра, электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси (EGDI) рейтингида 63-ўринни эгаллади.
2022 йил кўрсаткичларига нисбатан республика рейтингдаги ўрнини олти поғонага яхшилади ва илк бор Very High EGDI индексига эга мамлакатлар гуруҳига кирди.
Қозоғистон ушбу рейтингда 24-ўринда, Қирғизистон ва Тожикистон эса мос равишда 78 ва 123-ўринда.
Ҳисобот БМТнинг Ижтимоий ва иқтисодий масалалар департаменти (UNDESA) томонидан тайёрланган.
Ҳужжатга кўра, бутун дунёда рақамли ҳукумат ривожланишида ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бу инфратузилма ва илғор технологияларга инвестицияларнинг ўсиши билан бирга кечмоқда.
Бундан ташқари, 2022-2024 йилларда рақамли ҳукуматни ривожлантиришдан ортда қолаётган Ер юзи аҳолисининг улуши 45% дан 22,4% гача камайди.