2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитларини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий ва профессионал таълим ташкилотлари талабалари ва ўқувчиларига таълим кредитлари ажратиш тартиби ўзгартирилади.
Таълим кредити фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талабаларга ажратилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, таълим кредитлари олий таълим муассасаларининг иккинчи ва юқори босқич талабаларига, агар фанларнинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи «3» дан паст бўлса, тўлов-контракт суммасининг 80% дан кўп бўлмаган миқдорда ажратилади (бундан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилаларнинг фарзандлари мустасно).
Таълим кредити қуйидагиларга ажратилади:
олий таълим муассасалари талабаларига — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматларни ҳисобга олиш» (kontrakt.edu.uz) ва «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (НEMIS) ахборот тизимларида талабалар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлганда;
профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун - Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Профессионал таълим жараёнларини бошқариш» (prof.edu.uz) ахборот тизимида ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлганда.
Ҳужжат 17 сентябрдан кучга кирди.