Коррупцияга қарши курашиш агентлиги учта давлат банкининг 148 нафар раҳбар ходимида бизнес улушлари мавжудлигини аниқлади.
Ўтказилган текширувлар доирасида Бизнесни ривожлантириш банки, «Микрокредитбанк» ва «Туронбанк»да 155 та корхона аниқланди, уларнинг таъсисчилари орасида ушбу молиявий ташкилотларнинг масъул шахслари мавжуд.
Энг кўп қонунбузарлик «Микрокредитбанк»да қайд этилди: 94 нафар ходим 96 та тадбиркорлик субъектида улушга эга.
Бундан ташқари, Бизнес ривожланиш банкининг 41 нафар раҳбар ходими 46 та корхонада улушга эга экани маълум бўлди. Шунингдек, таъсисчилари орасида «Туронбанк» ходимлари бўлган 13 та компания аниқланди.
Илгари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Қурилиш вазирлигида текширув ўтказиб, бизнесга алоқадор қарийб 400 нафар мансабдор шахсни аниқлаган эди. Саноат вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Транспорт вазирлигида яна 100 дан ортиқ қонунбузар аниқланди.
«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига кўра, амалдорлар бизнес билан шуғулланмаслиги, бирон-бир тадбиркорлик субъектига раҳбарлик қилмаслиги ёки эгалик қилмаслиги лозим. Бироқ, компанияларнинг эркин муомаладаги акцияларига маълум миқдоргача эгалик қилишга рухсат берилган.