Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 17 сентябрь куни Парижда ўз ишини бошлаган «IFTM-Top Resa» халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этмоқда. Делегация таркибига Uzbekistan Airways АЖ ва ўнлаб йирик сайёҳлик компаниялари вакиллари кирди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон павилонида миллий маданий анъаналар услубида компанияларимиз маҳсулотлари, жумладан, мамлакатимизнинг хориждаги туризм салоҳиятини тарғиб қилиш ва иштирокчи мамлакатлардан сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида янги йўналишлар ва турпакетлар кенг намойиш этилди. Делегация вакиллари салоҳиятли ҳамкорлар билан 200 дан ортиқ G2B ва B2B учрашувларини ўтказди ва аниқ узоқ муддатли келишувларга эришди.
Тадбирда 50 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг туризм вазирлари ва дунёнинг 170 мамлакатидан мингдан ортиқ сайёҳлик компаниялари иштирок этмоқда.
Бу йил Ўзбекистон кўргазманинг очилишига бағишланган қабулнинг ҳамташкилотчиси бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди. Бу борадаги сўнгги қарорлар, эришилган ютуқлар ва қўйилган вазифалар алоҳида муҳокама қилинди.
Тадбирда миллий мусиқа асбоблари садолари ва мамлакат рақс жамоаларининг ёрқин чиқишлари остида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилувчи турли маълумотномалар, шунингдек, фото ва видеоматериаллар намойиш этилди. Тадбирда сўзга чиққан «IFTM-Top Resa» директори Лоуренс Габоре ва Франция сайёҳлик агентликлари ассоциацияси президенти Валери Бонед ушбу тадбирни қўллаб-қувватлагани ва ажойиб маданий дастурни ташкил этгани учун Ўзбекистонга чуқур миннатдорлик билдирдилар. Ушбу нуфузли тадбир Ўзбекистоннинг Европадаги устувор сайёҳлик йўналиши сифатида илгари сурилиши ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун янги платформа бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Кўргазма 19 сентябрга қадар давом этади.