Шавкат Мирзиёев атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризм соҳасидаги таклифлар тақдимоти билан танишгани ҳақида давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Фаол ва ташаббускор фуқароларни рағбатлантириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик тўғрисидаги моддани киритиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Шунингдек, дарахтларни кесиш ва қасддан қуритиш, дарё ўзанларидан ноқонуний қум ва шағал қазиб олиш, белгиланмаган жойларга чиқиндиларни ташлаш учун молиявий жазоларни кучайтириш режалаштирилмоқда.
ISO 14024 халқаро стандартига мувофиқ маҳсулот ва хизматларни «Яшил белги» деб номланган ихтиёрий экологик маркировкалаш жорий этилади.
2336 та хўжалик юритувчи субъектда автоматлаштирилган мониторинг станциялари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва маҳаллий сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш бўйича тармоқ жадваллари тасдиқланади.