Ўзбекистон МДҲнинг Коррупцияга қарши кенгашига кириши мумкин

O‘zbekiston

Россия бош прокурори Игорь Краснов Ўзбекистонни Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлараро кенгашга таклиф қилди. Красновнинг фикрича, ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўз ҳаракатларини янада самарали мувофиқлаштириш имконини беради.

Фото: Коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати

Россия Федерацияси бош прокурори Игорь Краснов Ўзбекистонни Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлараро кенгаш (КҚКК) таркибига киритиш ташаббуси билан чиқди. Красновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тажрибаси кенгашга аъзо бошқа давлатлар учун айниқса қадрли бўлади. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Бош прокурорнинг фикрича, ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўз ҳаракатларини янада самарали мувофиқлаштириш ва аниқ ишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни соддалаштириш имконини беради.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов россиялик ҳамкасбларига қўшма таълим дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Ўзбекистон келгусида барча давлат хизматчилари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича мажбурий ўқитишни жорий этишни режалаштирмоқда, бироқ айни пайтда ушбу ташаббусни амалга ошириш учун мутахассислар етишмайди.

Фото: Коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати

КҚКК ўз фаолиятини 2013 йилда бошлаган. Кенгаш таркибига Россия, Беларусь, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо сифатида киради. Ўзбекистон ташкилот ишида кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.

Кенгаш коррупцияга қарши курашни мувофиқлаштириш, қонунчилик базасини яқинлаштириш ва иштирокчи мамлакатларнинг тегишли идоралари ўртасида ахборот алмашинуви билан шуғулланади. Кенгаш аъзолари коррупцияга қарши курашиш даражасини оширишга қаратилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқади, таҳлилий тадқиқотлар ва ўқув тадбирларини ўтказади.

Mavzuga oid materiallar