Ўзбекистонда малакасиз психологик ёрдам кўрсатиш учун жарималар жорий этилади, деб хабар бермоқда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Сенатнинг навбатдаги мажлисида «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Қонунда психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши, психологик ёрдам кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахснинг раҳбари эса психология соҳасида олий маълумотга эга бўлиши лозимлиги мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, психологик ёрдам кўрсатиш соҳаси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифалари аниқланади, аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал бирлашмалар фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилади.
Қонунда таълимнинг психологиядан бошқа йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишни бошлашдан олдин «психология» мутахассислиги бўйича қайта тайёргарликдан ўтиши кераклиги белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахсга психологик ёрдам кўрсатганлик ёки аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга риоя қилмаганлик учун жарималар қўшилади.
Жазо миқдори фуқаролар учун ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахслар учун эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда белгиланади.