Калория нима
Калория — ҳаёт учун ёқилғи. Улар оқсиллар, ёғлар ва углеводларни парчалашда организм оладиган энергияни ўлчайди. Айнан улар энергия балансини белгилайди ва инсон ўз вазнини сақлаб қолиши, уни кўпайтириши ёки йўқотиши уларнинг миқдорига боғлиқ.
Агар одам овқатдан сарфлаганига қараганда кўпроқ калория олса, у семириб боради. Агар сарфлаганидан камроқ калория олса, вазн камаяди. Олинган ва сарфланган калорияларнинг бир хил миқдори вазнни жорий даражада ушлаб туриш учун керак бўлади.
Кўпинча маҳсулотларнинг энергия қиймати килокалорияларда (ккал) ҳисобланади: 1000 калория = 1 килокалория. Ушбу параметр, шунингдек, оқсиллар, ёғлар ва углеводлар (ОЁ) миқдори озиқ-овқат маҳсулотларининг қадоқларида кўрсатилиши қабул қилинган.
Калорияларга бўлган эҳтиёжга нима таъсир қилади
Кунига 2000-2500 ккал калория истеъмол қилишнинг ўртача кунлик меъёри ҳисобланади.
Бироқ, ҳар бир одам индивидуал эканлигини ва турли миқдордаги калорияга муҳтожлигини тушуниш муҳимдир.
Масалан, спорт билан шуғулланадиган одам кам ҳаракатли ҳаёт кечирадиган одамга қараганда кўпроқ калория сарфлайди; эркак аёлга қараганда кўпроқ (чунки эркакларда мушак массаси ҳажми каттароқ), ёш одам эса кексаларга қараганда кўпроқ сарфлайди, чунки ёшликда метаболизм даражаси юқори бўлади. Метаболизм даражаси қанчалик юқори бўлса, организм шунчалик тез энергия сарфлайди.
Аммо шу билан бирга, спорт билан шуғулланадиган етук ёшдаги одам ўтроқ ҳаёт кечираётган ёшларга қараганда кўпроқ калория сарфлайди. Кун давомида боласи билан кўп сайр қиладиган эмизикли она эса кунларини компьютер олдида ўтказадиган ўсмирга қараганда кўпроқ калорияга муҳтож бўлади.
Эркаклар ва аёллар учун кунлик калория меъёри:
эркаклар учун 2150 дан 3800 ккал гача;
аёллар учун 1700 дан 3000 ккал гача.