Чирчиқ дарёсининг муҳофаза зонасида ноқонуний шағал қазиб олинди: зарар 183 млрд сўмга баҳоланди

O‘zbekiston

Тошкент вилояти экологлари вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Қуйи Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг қўриқланадиган зонасида махсус техникалар ёрдамида қум-шағал аралашмаси ноқонуний қазиб олинаётганини аниқлади. Табиатга етказилган зарар 183 миллиард сўмдан ошди, жарима майдончасига махсус техникалар жойлаштирилди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси вилоят прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда тунги рейд ўтказди.

Тадбир давомида Қуйи Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг қўриқланадиган ҳудудида махсус техникалар ёрдамида қум-шағал аралашмаси ноқонуний қазиб олинаётгани аниқланди.

Оқибатда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 ноябрдаги «Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 666-сон қарорига кўра, табиатга етказилган зарарнинг ҳисоб-китоби 183 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддаси тегишли бандига асосан мусодара қилинган махсус техника вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилди. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўриш учун иш бўйича ҳужжатлар Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига юборилган.

Mavzuga oid materiallar