Қариндошлар судланганлиги давлат хизматига қабул қилишда тўсқинлик қилмаслиги керак — Адлия вазирлиги

O‘zbekiston

Ўзбекистон президенти «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонунга қўшимчаларни имзолади. Унга кўра, қариндошларнинг судланганлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар фуқароларнинг давлат фуқаролик хизматига кириш ва уни ўташдаги ҳуқуқларини чеклашга асос бўла олмайди.

Фото: Иллюстратив / Freepik

Фуқароларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилади, деб ёзади Адлия вазирлиги ахборот портали.

Президент томонидан имзоланган қонун (2024 йил 20 сентябрдаги 963-сонли ЎРҚ) айрим қонун ҳужжатларига фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу қонун оммавий ахборот воситалари фаолиятига ҳамда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига тааллуқли янги ҳуқуқий нормаларни белгилайди, дейилади хабарда.

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун ҳам тўлдирилмоқда. Унга кўра, қариндошларнинг судланганлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар фуқароларнинг давлат фуқаролик хизматига кириш ва уни ўташдаги ҳуқуқларини чеклашга асос бўла олмайди.

Бундан ташқари, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар киритилмоқда. Эндиликда тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ва унинг йўналишларини мустақил танлаш ҳуқуқига эга.

Қонун расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.

Mavzuga oid materiallar