23 сентябрь куни Исроил Мудофаа Армияси (ЦАХАЛ) АҚШ ва Европа Иттифоқида террорчи деб тан олинган «Ҳизбуллоҳ» қуролли гуруҳининг 300 дан ортиқ объектига зарба берганини маълум қилди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу зарбалар натижасида 182 киши ҳалок бўлган ва 727 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида болалар, аёллар ва тиббиёт ходимлари бор.
Бундан олдин Исроил Ливан жанубидаги аҳолини қурол сақланадиган бинолардан кўчиришга чақирган ва «кенг кўламли зарбалар» ҳақида огоҳлантирган эди. Бироқ Associated Press нашрининг ёзишича, кўчириш аломатлари кўринмаган, чунки ливанликлар «Ҳизбуллоҳ» қуроллари сақланадиган уйларда яшаётганларини билмасликлари мумкин.
Исроил армияси таъкидлашича, гуруҳ аъзолари «аҳолини тирик қалқон сифатида ишлатиб ва уни хавф остига қўйган ҳолда» қуролларни фуқароларнинг уйларида сақламоқда. «Биз зарба бераётган ҳар бир уйда Исроил фуқароларини ўлдириш учун мўлжалланган қурол - ракеталар, снарядлар ва учувчисиз учиш аппаратлари бор», — дейилади ЦАХАЛда.
Исроил ҳарбийлари аниқ разведка маълумотлари асосида «олдиндан огоҳлантирилган ҳаво зарбалари» берганини таъкидлайди. Уларнинг мақсади Ливанда кўп йиллар давомида ташкил этилган гуруҳнинг «имкониятлари ва инфратузилмасини заифлаштиришдир». Шунингдек, ЦАХАЛ ливанликларни Бекаа водийси ва унга туташ ҳудудларни тарк этишга чақирди, чунки яқин орада у ердаги «Ҳизбуллоҳ» объектларига ҳужум қилишни режалаштирмоқда.
Бундан бир кун олдин Ливан ҳудудидан Исроил шимолига юздан ортиқ ракета учирилган эди. Исроил Мудофаа Армияси (ЦАХАЛ) баёнотига кўра, ҳужумни «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи амалга оширган. Ўққа тутилишига жавобан ЦАХАЛ жанубий Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» объектларига зарба берганини эълон қилди. Таъкидланишича, ташкилотнинг минглаб ракеталарни учирадиган қурилмалари ва бошқа инфратузилмаси йўқ қилинган. Исроил ҳарбийлари ҳужумлар давом этиши ва кучайиши ҳақида огоҳлантирган.
«Ҳизбуллоҳ» ракета ҳужумини ўтган ҳафтада Ливанда 30 дан ортиқ одамнинг ўлими ва минглаб одамларнинг яраланишига сабаб бўлган пейжерлар ва бошқа электрон қурилмалар портлашига жавоб сифатида изоҳлади. Гуруҳ содир бўлган воқеа учун жавобгарликни Исроилга юклади ва «кутилмаган адолатли жавоб» беришини ваъда қилди.
Шу муносабат билан Исроил президенти Ицхак Герцог ўз мамлакати ушбу операцияга алоқадор эмаслигини айтди. Sky News нашрига берган интервьюсида у Исроилнинг бунга алоқадорлигини қатъиян рад этди. Унинг сўзларига кўра, Исроил Ливан билан урушга интилмайди. «Бироқ Ливан террорчи ташкилот ва айни пайтда »Ҳизбуллоҳ« сиёсий партияси гаровига тушиб қолган», — дея қўшимча қилди Герцог.