Telegram асосчиси ва раҳбари Павел Дуров ўз каналида хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган фойдаланувчиларнинг IP-манзиллари ва телефон рақамларини турли мамлакатларнинг «тегишли давлат идораларига» суднинг «асосли» қарори асосида топшириши ҳақида маълум қилди.
У, шунингдек, Telegramʼдаги каналлар ва ботларни қидириш имконини берувчи қидирув функциясидан баъзан ноқонуний товарлар сотувчилари фойдалангани, бу эса мессенжер қоидаларини бузганини таъкидлади. Дуровнинг айтишича, «қидирувда аниқланган барча муаммоли контент» олиб ташланган. Агар сиз бирор хавфли ёки ноқонуний нарсани аниқласангиз, у махсус ботга шикоят қилишга чақирмоқда.
Аввалроқ Le Figaro ва Liberation нашрлари Парижда ҳибсга олинганидан сўнг Павел Дуров Франция ва бошқа мамлакатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қила бошлагани ҳақида ёзган эди. Франция полицияси таъкидлашича, илгари мессенжер маъмуриятидан болаларга қарши жиноятларда гумон қилинаётганлар бўйича маълумот сўровларига жавоб олиш имконсиз бўлган.
Павел Дуров 24 август куни Парижнинг Ле-Бурже аэропортида қўлга олинди. Унга уюшган жиноятчилик билан боғлиқ бир қатор жиноятлар, жумладан, гиёҳванд моддалар ва болалар порнографиясини тарқатишда иштирок этиш, шунингдек, ваколатли органларнинг сўровлари бўйича маълумот тақдим этишни рад этиш айблови қўйилди. Бир неча кундан сўнг уни полицияда қайд этилиш мажбурияти билан гаровга озод қилишди.