Фарғонада вагон устида селфи тушаётган икки ўсмирни электр токи урди

O‘zbekiston

Фарғона вилояти Учкўприк туманида поезд вагонлари томида селфи суратга олмоқчи бўлган икки ўсмирга 27 минг вольт кучланишли ток урилди. Улардан бири реанимация бўлимига ётқизилган — танасининг 65 фоизи куйган.

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида поезд вагонлари томида селфи суратга олмоқчи бўлган икки нафар ўсмирга 27 минг вольт кучланишли ток урилди. Бу ҳақда SevimliTV телеканалининг Zamon дастури хабар берди.

Ҳодиса 17 центябр куни соат 13:00 атрофида содир бўлган. Воқеа жойига ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси тезкор гуруҳи етиб борган.

«Бувайда туманидаги 1-мактабнинг 3 нафар ўқувчиси (10-синфдан 2 нафари ва 8-синфдан 1 нафари) Қақир бекатига келиб, номақбул жойдан темир йўлни кесиб ўтиб, яшаш тақиқланган ҳудудга кириб кетган. Мактаб ўқувчилари селфи суратга олиш учун буғдой вагонига чиққанларида, икки ўсмирга юқори кучланишли электр токи урилган», — дейилади хабарда.

Турли даражадаги тан жароҳатлари олган болалар тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага етказилди. Улардан бири реанимация бўлимига ётқизилган - танасининг 65% куйган.

Иккинчи бола танасининг термик куйиши ва ўнг оёғининг сон суяги синиши билан касалланган. Тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг, у даволаниш учун уйига юборилди.

Mavzuga oid materiallar