Тошкент – Самарқанд ва Самарқанд – Навоий – Бухоро йўналишларида тезюрар поездлар қатнови учун янги темирйўл линиялари қурилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки директорлар кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Президент Ўзбекистонда 2030 йилгача 30 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кенг кўламли дастур қабул қилинганини таъкидлади.
Ушбу дастур доирасида Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Андижон йўналишларида пулли автомобиль йўллари қуриш лойиҳалари амалга оширилади. Шунингдек, Тошкент – Самарқанд ва Самарқанд – Навоий – Бухоро йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темирйўл линиялари қурилади.
Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик доирасида республиканинг олтита халқаро аэропорти модернизация қилинади.
Келгуси беш йилда электр, сув ва газ тақсимлаш тармоқларини бошқариш хусусий операторларга ўтади.