Малайзия ўзининг энг муҳим спорт майдонларидан бири — портлаш натижасида вайрон этилган «Шоҳ Алам» стадиони билан видолашди.
Маҳаллий аҳоли учун бу бир даврнинг тугаши бўлди, чунки стадион мамлакатнинг асосий спорт иншоотларидан бири эди.
«Шоҳ Алам» стадиони 1994 йилда қурилган бўлиб, ўн йиллар давомида Малайзияда муҳим спорт тадбирларини ўтказиш жойи бўлиб хизмат қилган. У «Селангор» футбол клуби ва миллий терма жамоанинг уй майдони бўлган, шунингдек, халқаро мусобақаларга мезбонлик қилган.
Стадион анча олдин қурилган бўлсада, у фаолиятини давом эттириб, спорт тадбирларини ўтказиш учун ишлатилган. Бироқ вақт ўтиши билан у эскириб, емирилишни бошлаган.
Аренани қайта қуриш ва янгилашга бир неча бор уринишлар бўлган, аммо тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қила олмаган.
2020 йилда ўтказилган текширишдан сўнг «Шоҳ Алам» стадиони энди фойдаланишга яроқсиз эканлиги расман эълон қилинди - у авария ҳолатида деб топилди.
Бу Малайзиянинг кўплаб аҳолиси, айниқса, бу стадионни ўз футбол маданиятининг бир қисми деб билган «Селангор» клуби мухлислари учун кутилмаган хабар бўлди.
Натижада, стадионни бузиб ташлашга қарор қилинди. Тез орада уни бузишга тайёргарлик ишлари бошланди, аммо энг ёрқин лаҳза портлаш бўлди, у бир неча сония ичида майдонни бутунлай вайрон қилди.
Ушбу бузиш усули улкан иншоотни бузиш жараёнида хавфсизликни таъминлаш учун энг самарали ва тез усул сифатида танланди.
Бу воқеанинг видеоси интернетда эълон қилинди ва бир зумда миллионлаб кўришларни тўплади. Бир пайтлар ўн минглаб мухлисларни тўплаган арена саноқли сонияларда металл ва бетон уюмига айланганини юзлаб томошабинлар кузатиб турди.
Бундай рамзий аҳамиятга эга иншоотнинг бузилиши Малайзия аҳолисининг кўпчилигини ғамгин қилсада, маҳаллий ҳокимият «Шоҳ Алам» стадиони ўрнида энг сўнгги стандарт ва талабларга жавоб берадиган янги, замонавий арена қурилишини эълон қилди. Қурилиш 2025 йилнинг ўрталарида якунланиши кутилмоқда.