Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судлов ҳайъати 12 сентябрь куни озодликдан маҳрум этиш жазосини 2 йил синов муддати билан шартли жазога алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» суд қарорига асосланиб хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, 9 май куни соат 17:00 атрофида Avtotuning автосервис ҳудудида (аэропорт яқинида) 24 ёшли ҳайдовчи А.Х. Instagramʼдаги Avtotuning_uz саҳифаси асосчиси 27 ёшли Д.К.ни уриб юборган.
Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеода икки автомобил ҳайдовчилари бир-бирини қувиб келаётганлиги ва улардан бири йўлнинг қатнов қисмига чиққан одамни уриб юборгани акс этган.
Суд-тиббий экспертизасига кўра, марҳум қўшма жароҳат, очиқ бош-мия жароҳати, бош суягининг гумбази ва асосининг синиқлари билан парчаланиши, бош миянинг лат ейиши, бош мия пардаси ва тўқималари остига қон қуйилиши, кўкрак қафаси ва қориннинг ёпиқ ўтмас жароҳатлари, чап ўмровнинг ёпиқ синиши ва қовурғаларнинг икки томонлама синишлари, ўпка ва ингичка ичак қовузлоғининг лат ейиши ва ёрилиши, ўнг катта болдир суягининг ўрта-пастки қисмининг очиқ синишлари, чап катта болдир суягининг пастки қисмининг ёпиқ синишлари, бошнинг, кўкрак қафасининг орқа юзасининг йиртилган-эзилган жароҳатлар ва бошқа жароҳатларни олган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Музаффар Аҳмедов раислигидаги судлов ҳайъати 12 центябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида 4 ой ва 2 кунлик қамоқда сақланган вақтни жазо муддатидан чиқариб ташлаш ҳамда қолган 2 йил 7 ой ва 28 кунлик озодликдан маҳрум қилиш жазосини 2 йиллик синов муддати билан шартли жазога алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Судланувчига назорат қилувчи органнинг рухсатисиз Ўзбекистон ҳудудини тарк этиш тақиқланган ва яшаш ёки ўқиш жойи ўзгарганлиги ҳақида хабар бериш, шунингдек, ички ишлар органларида рўйхатдан ўтиш мажбурияти юклатилган.