Қирғизистон МХДҚ раҳбари қўл остидагилардан унинг яқинларини эшитмасликни сўради

Дунё

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ўз қўл остидагиларга мурожаат қилиб, яқинларининг илтимосини бажармасликка чақирди. «Мен шахсий ишларимни лавозим ёрдамида ҳал қилмайман ва ҳеч қачон яқинларимнинг муаммоларини ҳал қилиш учун топшириқ бермаганман», — дея таъкидлади у.

Фото: 24.kg

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев идора ходимларини қариндошларининг илтимос ва топшириқларини бажармасликка чақирди. Бу ҳақда у Қизил-Кийда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бошқармасининг янги биноси очилишида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

«Менинг яқинларим, фарзандларим билан телефонда гаплашсангиз ҳам, жавобгарликка тортиласиз. Уларнинг илтимосларини, топшириқларини бажаришга мажбур эмассиз. Мен ўз шахсий ишларимни лавозим орқали ҳал қилмайман ва ҳеч қачон яқинларимнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича топшириқ бермаганман ва бермайман» — деди Ташиев.

У, шунингдек, жуда катта миқдордаги фирибгарлик иши бўйича уч ойдан бери қамоқда сақланаётган қайноғасини ҳам эслатди.

«Маълум бўлишича, менинг номимни яшириб, ноқонуний ишлар қилган ва ҳозир қамоқда ўтирибди. У жабрланувчиларга пул тўлайди, қонун доирасида жазоланади ва шундан кейингина озодликка чиқади», — деди ДХХ раҳбари.

Мавзуга оид материаллар