26 сентябрь куни президент иссиқхона хўжаликлари фаолиятини рағбатлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат Lex.uz сайтида эълон қилинди.
2024-2025 йиллар куз-қиш давридан бошлаб октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида газ етказиб бериш учун олдиндан тўлов 50 фоиз миқдорида ундирилади. Қолган қисми ой охиригача тўланиши керак. Январ ва кейинги ойларда 100% олдиндан тўлов сақланиб қолади.
Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» ва «Ҳудудий электр тармоқлари» иссиқхона хўжаликлари ва музлатгич омборларини босим пасайганлиги ёки ўчирилганлиги ҳақида камида 24 соат олдин хабардор қилиши керак. Истисно — шартномага мувофиқ форс-мажор ҳолатлари.
Газ етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар ҳар уч йилда қайта расмийлаштирилади. Газ таъминоти бўйича техник шартларда умумий газ тармоқларига уланмаган хўжаликларга етказиб бериладиган газ босимига оид талаблар кўрсатилади.
Шунингдек, «Ўзэнергоинспекция»га энергия самарадорлигини ошириш ва иссиқхоналар томонидан энергия тежовчи ечимларни жорий этиш бўйича ишларни ташкил этиш топширилди. Энг яхши энергия самарадорлиги кўрсаткичларига эга бўлган корхоналарни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Тижорат банклари иссиқхона хўжаликлари кредитлари бўйича, шу жумладан суд орқали, фақат муддати ўтган қарздорлик бўйича ундириш чораларини кўриши мумкин. Бунда улар кредитни муддатидан олдин тўлиқ қайтариш талаби билан даъво аризаси беришлари мумкин:
агар қарз олувчи мажбурий ундирувга юборилганидан кейин 60 кун ичида муддати ўтказиб юборилган қарзни тўламаган ва тўлаш жадвалига риоя қилмаган бўлса;
агар қарз олувчи Фуқаролик кодексининг 738 моддаси (Қарз олувчининг мажбуриятларини таъминлаш) ва 739-моддаси (Мақсадли қарз) талабларини бузса.