Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мактаб ўқувчилари ўзбек тилини билмагани учун калтакланганини рад этди.
«Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Миллий гвардия ва Ички ишлар бошқармасининг тегишли ходимлари томонидан ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида тезкор суриштирув ўтказилди», — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, ўқувчилар билан суҳбат давомида улар тил масаласида эмас, ўзаро келишмовчиликлар туфайли жанжаллашганликлари маълум бўлди.
Аввалроқ Россия сайтларида Жиззахдаги мактаблардан бирида «рус тилида сўзлашувчи ўқувчилар мунтазам калтакланаётгани» ҳақида маълумот тарқалганди.
Эслатиб ўтамиз, тегишли маълумот Тошкентдаги 188 сонли мактабда содир бўлган воқеа фонида пайдо бўлган. У ерда рус тили ўқитувчиси ўқувчи қиздан рус тилида гапиришни сўрагани учун уни калтаклаган.
Кейинроқ у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41 моддаси (Ҳақорат) ва 52 моддасининг 2 қисми (Энгил тан жароҳати етказиш) билан айбдор деб топилди. Унга 6,8 миллион сўм жарима белгиланди.