Тошкент вилоятида Cobalt ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида мактаб ўқувчисини уриб юборди

O‘zbekiston

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида Cobalt ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида 11 ёшли қизни уриб юборган. Жабрланувчи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

30 сентябрь куни тахминан соат 07:45 ларда «Cobalt» русумли автомашина ҳайдовчиси Юқори Чирчиқ туманида жойлашган 14 сонли мактаб ёнида йўлни кесиб ўтаётган 11 ёшли қизни уриб юборган, деб хабар берди Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати.

Жабрланувчи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Аҳволи яхшилангандан сўнг уйига жавоб берилган. Қизалоқ айнан қандай жароҳат олганлиги маълумотда қайд этилмаган.

Воқеа жойидан олинган видеода қизнинг қаршисида қизил байроқча таққан махсус форма кийган ва ўқувчиларнинг ўтиш жойидаги ҳаракатини тартибга солиб турган эркакни кўриш мумкин.

Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Mavzuga oid materiallar