Сенатнинг эллик саккизинчи ялпи мажлисида «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Қонунда креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилган бўлиб, унда 15 та йўналиш креатив иқтисодиёт соҳалари сифатида белгиланган.
Қонун креатив иқтисодиёт соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш механизмига, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу соҳадаги ваколатларига урғу беради.
Шунингдек, Қонунда жамоатчилик асосида фаолият юритувчи маслаҳат органи бўлган Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича Республика кенгаши ташкил этилиши назарда тутилмоқда.
Қонун билан креатив иқтисодиёт учун зарур инфратузилмани яратиш ва қўллаб-қувватлаш механизмлари белгиланмоқда. Хусусан, ушбу инфратузилма таркибига креатив индустрия парклари, креатив индустрия кластерлари, арт-резиденциялар, креатив индустрия марказлари, инновацион ускуналар ва технологиялар, рақамли дастурлар ва платформалар кириши белгиланиб, креатив индустрия паркининг вазифалари белгиланмоқда.
Шунингдек, қонун доирасида ички ва ташқи бозорларда креатив индустрия соҳасидаги лойиҳаларни яратиш, ишлаб чиқариш ва илгари суриш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармаларини ташкил этиш ҳамда ушбу жамғармалар маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари белгиланмоқда.
Креатив тармоқларнинг республика иқтисодиётига қўшган ҳиссасини аниқлаш мақсадида статистик кўрсаткичларни шакллантириш ҳамда креатив иқтисодиётни ривожлантиришда миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳисобга олиш, маданий меросни асраб-авайлаш қонунчилик даражасида белгиланади.