Исроил БМТ бош котиби Гутерришни нон грата деб эълон қилди

O‘zbekiston

Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кас БМТ бош котиби Антониу Гутерриш бундан буён нон грата шахси экани ва унинг мамлакатга кириши тақиқланганини маълум қилди. Гутерриш ҲАМАС жангариларининг Исроилга ҳужумини, шунингдек, Эроннинг яқинда қилган ҳужумини қораламади.

Антониу Гуттериш | Фото: Andrew Kelly / Reuters

Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кас БМТ бош котиби Антониу Гутерришни "нон грата" деб эълон қилиш ва унинг мамлакат ҳудудига киришини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда у Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, «дунёнинг деярли барча мамлакатлари каби Эроннинг Исроилга жирканч ҳужумини қатъий қоралай олмайдиган ҳар қандай одам Исроил тупроғига қадам қўйишга лойиқ эмас».

Кас, шунингдек, Гутерриш 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС жангариларининг Исроилга ҳужумини қораламаганини ва ҳаракатни террористик ташкилот деб эълон қилиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмаганини таъкидлади.

Исроил ТИВ раҳбари БМТнинг амалдаги бош котиби «террорчилар, зўравонлар ва қотилларни қўллаб-қувватлагани учун ташкилот тарихида доғ бўлиб қолишини» таъкидлади.

1 октябрь куни кечқурун Эрон Исроилга ракета ҳужуми уюштирганидан сўнг, Гутерриш Яқин Шарқда можаронинг кучайишини қоралаган ва ўт очишни тўхтатишга чақирган твитни эълон қилди. Шу билан бирга, у на Эрон ва на Исроилни тилга олди.

Эслатиб ўтамиз, Эрон 1 октябрь куни Исроил ҳудудига оммавий ракета ҳужумини амалга оширган эди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳарбий операция Исроил томонидан ҲАМАС етакчиси Исмоил Хонийнинг, «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насроланинг ва Ливандаги КСИР қўмондони Аббос Нилфрушаннинг ўлдирилишига жавоб бўлганини айтди. Исроил ОАВ маълумотларига кўра, Эрон Исроилга нисбатан 181 тагача баллистик ракета учирган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Эрон «катта хатога йўл қўйганини ва бунинг учун жавоб беришини» айтди.

Mavzuga oid materiallar