АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси бир партия хизмат техникаларини аукцион орқали сотувга қўйди. Бу ҳақда дипломатик ваколатхона сайтида хабар берилган.
Аукцион савдосида иштирок этиш учун Ўзбекистон фуқаролари ва Тошкентдаги бошқа хорижий ваколатхоналар дипломатлари таклиф этилади. Техника «қандай бўлса шундайлигича», кафолатларсиз ва кафилликларсиз сотилади.
«Биз ҳар қандай ставкаларни қўйишдан олдин аукционга қўйилган буюмларнинг ҳолати бўйича Интернетда мавжуд бўлган барча маълумотлар билан танишиб чиқишингизни қатъий тавсия қиламиз», —дейилади хабарда.
Сотувга қуйидагилар қўйилади:
2 та Blackberry смартфони — бошланғич нархи 300 минг сўм;
стуллар ва журнал столчалари; — 150 минг сўм;
2 та мини-проектор — 400 минг сўм;
Apple MacBook Pro — 600 минг сўм;
Magnum Apache спорт велосипеди — 900 сўм;
Плита ва микротўлқинли печ; — 350 минг сўм;
принтерлар учун картрижлар; — 600 минг сўм.
Тўлов нақд, АҚШ долларида ёки эквивалентда ўзбек сўмида амалга оширилиши керак. Миллий валютада тўловни амалга оширишда номинал қиймати 50 000 дан кам бўлмаган купюралар қабул қилинади.