Миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ тавсияларига мос даражага етиб, мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёнинг 190 та парламенти орасида 52-ўринга кўтарилди. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Инновацион ривожланиш агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ихтирочи аёллар маркази ва Турин политехника университети томонидан Ўзбекистон инновацион тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилади. Шу йил 7-11 октябрь ўз бизнесини бошламоқчи бўлган 200 нафардан ортиқ хотин-қиз ўз бизнес ғоялари билан «Ихтирочи аёллар инновацион тадбиркорлик ҳафталиги»да иштирок этади.
«Ихтирочи аёллар — 2024» кўргазмаси Турин Политехника университетида ташкил этилади. Кўргазмада ўзбекистонлик ва кореялик ихтирочилар ҳамда тадбиркор аёллар инновацион лойиҳалар ва маҳсулотлар билан иштирок этади.