ОАВ: Пойтахтдаги мактаблардан бирида ўқувчилар дарсга мушукча олиб келишди: ўқитувчи уни иккинчи қаватдан улоқтириб юборди

O‘zbekiston

«Мушуккент» лойиҳасида Тошкентдаги 62 мактабда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлингани ҳақида хабар берилган. Гувоҳларнинг айтишича, мактаб ўқувчилари кўчадан териб олинган мушукчани хонага олиб келишган. Таъкидланишича, ўқитувчи ҳайвонни иккинчи қават деразасидан улоқтирган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза ёзилган, ўқитувчи камералардан олинган ёзувларни тақдим этишдан бош тортган.

Школа №62 города Ташкента | Фото: Yandex Maps

2 октябрь куни пойтахтдаги 62 мактабда ўқитувчи Х.Д. болалар кўз ўнгида иккинчи қават деразасидан мушукни улоқтирди, деб хабар бермоқда «Мушуккент» лойиҳаси.

Қайд этилишича, болалар мактаб яқинида мушукча топиб, синфга олиб келишган. Бироқ, болаларнинг сўзларига кўра, ўқитувчи мушукчани қўполлик билан олиб, иккинчи қават деразасидан улоқтирган.

«Ҳодисадан сўнг, ўқувчилар мушукчани титраётган ва қўрқиб кетган ҳолда топишди, аммо кейинги ветеринария текшируви ҳайвоннинг ички аъзоларида кўплаб синишлар ва жароҳатлар олганини кўрсатди. Мушукчанинг аҳволи оғирлигича қолмоқда», — дея хабар берди Мушуккент».

Айниқса, устозлар кунидан сўнг юз берган бу воқеа ижтимоий тармоқларда кескин акс-садо берди. «Ўқитувчиларнинг ёш авлод тарбиясига қўшган ҳиссасини нишонлаши керак бўлган байрам энди шафқатсиз ҳодиса билан тўсилмоқда, баъзи ўқитувчиларнинг одоб-ахлоқ қоидалари шубҳа остига олинмоқда», — дея қўшимча қилинади лойиҳада. «Ўқитувчи — бу болаларда бошқаларга ҳурмат ва ғамхўрликни тарбиялаш керак бўлган шахс».

Фойдаланувчилардан бирининг сўзларига кўра, мактаб директори воқеанинг видеоёзувини тақдим этишдан бош тортган.

«Халқнинг ахлоқи ва маданияти ҳақида уларнинг заифларга бўлган муносабатига қараб фикр юритилади», — дея вазиятни изоҳлади кўнгилли аёл Виктория Умарова.

«Мушуккент» бундай шафқатсизликнинг гувоҳи бўлган болалар заиф ва ҳимоясизларга нисбатан йўл қўйиладиган муносабат ҳақида нотўғри тасаввурга эга бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

«Агар ўқитувчи ҳайвонга нисбатан бундай хатти-ҳаракатларга қодир бўлса, болалар бу одамнинг ёнида ўзларини хавфсиз ҳис қила олишадими?» деган савол туғилади.

Mavzuga oid materiallar