Ўзбекистон Марказий банки маълумотларни бошқарадиган платформани ишлаб чиқмоқда. Ушбу платформа банк ва назорат остидаги ташкилотлар ўртасида маълумот алмашиш ва таҳлил қилиш жараёнини осонлаштиради. Бу ҳақда регуляторнинг маълумотлар архитектори Рашид Собитжоновга таяниб, «Kursiv Uzbekistan» хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, платформа маълумотларни тавсифлаш ва тизимлаштириш, ҳисоботларни яратиш ва банклар ва бошқа ташкилотлардан керакли маълумотларни автоматик равишда олиш имконини беради. Айни пайтда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланди, унинг давомида ягона маълумотлар модели ва маълумотларни бошқариш фреймворки ишлаб чиқилди. Бу тизим Марказий банк ичида ахборотни бошқаришнинг роли ва тузилмасини ўз ичига олади.
«Янги платформа маълумотларни бошқаришда шаффофликни таъминлайди ва Марказий банк ва тижорат банклари ўртасидаги ҳамкорликни осонлаштиради. Платформанинг жорий этилиши бизнес фойдаланувчиларга ҳар бир ўзгариш учун дастурчилар ёрдамига мурожаат қилмасдан ҳисоботларни мустақил бошқариш имконини беради», — деди Собитжонов.
Жараённи 2027 йилга қадар якунлаш режалаштирилган.